“Элу юртга бахшида умр”

261

2019 йил 26 апрель куни Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлимида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, халқ ёзувчиси, моҳир драматург Ҳамид Ғулом таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Элу юртга бахшида умр” деб номланган китоб-расмли кўргазма ташкил қилинди.
Ушбу китоб кўргазмасидан Ҳамид Ғулом асарлари, адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги асарлар ўрин олган.  Ҳамид Ғулом таниқли шоир, лирик ёзувчи, драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбобидир. У Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Республика ва Иттифоқ Давлат мукофотлари совриндори ҳамдир.
Ҳамид Ғулом адабиётга ўттизинчи йилларнинг бошларида «Бизнинг лагер», «Одам», «Қуёш каби чароғон» (1936) шеърлари билан кириб келди. Ёш шоирнинг ижоди ўзбек адабиётининг катта вакиллари Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода таъсирида камол топди.
Ватанпарварлик, душманга нафрат руҳи ифодаланган “Қасосим   бор”  (1942),   «Катерина»   (1942),   «Украина еллари»  (1943) каби шеър ва балладаларини шоир Улуғ Ватан уруши йилларида яратган.  Ёзувчининг   «Сенга   интиламан»    (1963),   «Бинафша атри»  каби романлари Мирзачўлда ташкил этилган биринчи   жамоа   хўжалиги   ҳақида   ҳикоя   қилади.   Ҳамид Ғуломнинг ўзбек аёлининг янги ҳаёт қуришдаги фаолиятини улуғловчи «Тошкентликлар»   (1974)  романи Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Унинг «Мангулик» романи (1981) Иттифоқ Давлат мукофотини олди.
Адиб асарлари қирқдан ортиқ жаҳон халқлари тилларида нашр этилган. Биргина «Мангулик» романи хитой тилида ярим миллион нусхада чоп этилган. «Машраб» тарихий романи ҳам Ҳ. Ғулом қаламига мансубдир. Адиб мустақиллик йилларида “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Ҳамид Ғулом замондошларимиз поэтик образини яратиш устида изланаётган замонавий ўзбек адабиётининг истеъдодли намояндаларидандир.                                                                                            Китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар адиб Ҳамид Ғулом ҳаёти ва ижодий фаолияти билан яқиндан танишдилар .