Ватанни асраш – муқаддас бурч.

185

2019 йил 12 январь куни Бухоро вилояти Ахборот-кутубхона марказида  “14 –январь Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган “Ватанни асраш – муқаддас бурч” мавзуида учрашув кечаси ўтказилди.

Тадбирни кириш сўзи билан Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона маркази директори С.Шаропов очиб берди. Ўз маърузасида Ватанни, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилиш, ватанпарвар бўлиш бугунги кунда ҳар бир йигит-қизнинг орзуси ва бурчи, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида ўз Ватанига содиқ ва фидойи инсонлар этиб тарбиялашда  маҳалла, оила ва кутубхона алоҳида ўрин тутишини  таъкидлаб ўтди.

Тадбирда БДУ ҳарбий таълим факультети ўқитувчиси подполковник  Анвар Ҳикматов, БДУ ҳарбий таълим факультети ўқитувчиси подполковник Эркин Ниязов, ДХХ чегара  қўшинлари 9204 – ҳарбий қисм катта лейтенанти Йигитали Ҳусановлар сўзга чиқдилар.Ўз маърузаларида  ёшлар қалби ва онгига мустақил Ватанимиз хавфсизлиги учун масъуллик, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг салоҳияти ва обрўси, мамлакатимиз мустақиллиги ҳамда ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилиш бурчимиз эканлигини гапириб ўтдилар.

Бундан ташқари тадбирда ДХХ чегара  қўшинлари 9204 – ҳарбий қисм посбонлари бадиий чиқишларини намойиш этдилар. Бу эса тадбир кўркига янада кўрк қўшди. Айниқса 19 – сон умумтаълим мактаби ўқувчиларининг  Ватанни мадҳ этувчи шеърлари, куй ва қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбир сўнгида  мавзуга оид адабиётларнинг очиқ кўргазмаси, слайд-шоу, мультимедиа намойиш этилди.

Китоб кўргазмаси тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

Ёшлар орасида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш сектори мудири:

Г. Бахранова