“Энг улуғ касб эгаларига эҳтиром!” 1 – октябрь – “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни”га бағишланади

188

2018 йил  26 сентябрь куни Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот кутубхона марказида “Энг улуғ касб эгаларига эҳтиром!”мавзуида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон “Ёзувчилар уюшмаси” вилоят бўлими  аъзолари,  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги вилоят ахборот – ресурс маркази ходимлари, Бухоро Маданият коллежи ўқувчилари,  Бухоро шаҳар 1-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳамда ахборот кутубхона маркази ходимлари билан  ҳамкорликда учрашув кечаси ўтказилди.

Тадбирни Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона маркази директори  С.Шаропов очиб берди. Кечада “Бухоро оқшоми” газетаси ёрдамчи муҳаррири, шоира, журналист И.Ражабова, Ўзбекистон “Ёзувчилар уюшмаси” Бухоро вилояти бўлими раиси шоир Шодмон Сулаймон,  шоир ва таржимон Жуманазар Дўллиев, ахборот – кутубхона марказида кўп йиллар фаолият юритган устоз М.Самадованинг “Эъзоз ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси” мавзусидаги табриклари тингланди.

Улар ўз табрикларида пир устоз, ўқитувчи сўзлари ҳар бир инсон учун  муқаддас калима эканлиги, ёш авлодга таълим-тарбия бериш борасида  устоз ва мураббийларнинг беқиёс ҳиссаси тўғрисида гапириб бердилар. Шунингдек, тадбирда “Меҳр нури ёғар доим юзингиздан, устозлар”  номли устозлар фаолиятидан видеоролик  тақдимоти намойиш этилди. Тадбир давомида Бухоро шаҳар 1-сон мусиқа мактаби ҳамда Бухоро маданият коллежи ҳузуридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиларининг мусиқали чиқишлари намойиш этилди.

Тадбир сўнгида вилоят АКМ директори С.Шаропов вилоят ахборот кутубхона марказида фидокорона меҳнат қилиб, кўплаб шогирдларининг камолу – эҳтиромларига сазовор бўлган ҳурматли  устозларни Фахрий Ёрлиқ ва китоб совғаси билан тақдирлади.