Ахборот-кутубхона марказимиз – «Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси – 2017» танлови II ўрин ғолиби

942

2017 йил 1 ноября куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси «Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси – 2017» Республика танлови босқичи якунланди. Танлов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот-кутубхона марказлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ахборот-ресурс марказлари, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги кутубхоналари мутахассислари ўртасида ўтказилмоқда.

Танловнинг мақсади ахборот-кутубхона касбининг касбий аҳамиятини ва нуфузини оширишдан иборат.Танлов республика-ахборот кутубхона муассасалари мутахассисларининг касбий фазилатларини, ижодий салоҳиятини, ишбилармонлик фаоллигини намоён қилиш, ишга бўлган ижодий ёндашувни, ахборот-кутубхона фаолияти, унинг фонди ва хизматларини тарғиб қилишнинг янги шакллари ва усулларини излашни рағбатлантириш, илғор иш тажрибасини оммалаштириш, республика ахборот-кутубхона иши ривожланишига кўмаклашиш каби вазифаларни ўз олдига қўйган.

Танловнинг иккинчи кунида иштирокчилар кутубхона амалиётда учраб турадиган турли муаммоли вазиятларни профессионал тарзда ҳал этиш вазифасини бажаришди. Мазкур вазифада қатнашчиларнинг вазиятга касбий ёндошуви, амалиётга яқинлиги, коммуникабеллиги баҳоланди.

«Китобхон ёшлар – Ўзбекистон келажаги» мавзусидаги уй вазифаси ижодий танловида жамоаларга ўзларининг ижодий қобилият ва истеъдодлари, қизиқишларини тўлиқ намоён этишга имкон берилди. Унда иштирокчиларнинг ҳажвий ва ҳазил-мутойибали театрлаштирилган мусиқий чиқишлари, ўз касбига ижодий ёндашуви, актёрлик маҳорати, чет тилларини билиши ва жамоада ёндошувни кўрсатиб бердилар.

Танлов натижалари бўйича қуйидаги жамоалар ғолиб деб эълон қилинди:

1-ўрин – Тошкент шаҳри

2- ўрин – Бухоро вилояти

3-ўрин – Навоий вилояти

Ғолиб жамоага 5 та ноутбук совға қилинди.

Танлов ғолибларига  дипломлар, сертификатлар, қимматли совринлар ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг эсдалик совғалари топширилди.