Кутубхона тарихи

642

КУТУБХОНА ТАРИХИДАН ЛАВҲАЛАР

          1921 йил 30 июнда илк бор Бухорода шаҳар кутубхонасининг эшиклари  китобхонлар  учун очилди. Унинг очилиши ташаббускори Бухоро халқ республикаси маориф нозири Мусожон Саиджонов эди. Ташкил бўлган даврида кутубхона 1187 нусха китоб ва 350 нафар китобхонга эга эди.

      Шаҳар кутубхонаси Бухоро амирлигининг Амир Олимхон мадрасаси  ҳузуридаги ҳуқуқшунослик мактаби  кутубхонаси негизида ташкил этилган. Кутубхона ташкил этилганининг дастлабки йилларида асосий эътибор китоб фондини тўплаш ва аҳолини мунтазам китобхонликка жалб этишга қаратилган.

        Кутубхонанинг китоб фонди давлат томонидан ажратилган воситалар ва пуллик хизмат кўрсатиш ҳисобидан тўлдирилган. Кутубхона шаҳар аҳолисидан қўлёзма асарлар ва китоблар йиға бошлаган.

jj

Бухоро шахар кутубхонасининг биноси. 1930 йил.

        1938 йилда Республика халқ маорифи нозирлиги қарори билан эски Бухоро марказий шаҳар кутубхонасининг номи Бухоро вилоят кутубхонаси деб ўзгартирилган ва унга буюк мутафаккир Абу Али Ибн Сино номи берилган.

        1941-1945 йилларда Бухоро вилояти кутубхонаси Бухоро шаҳри ва вилояти аҳолиси орасида китоб тарғиботи ва у билан боғлиқ бўлган маданий, сиёсий-маърифий ишларни янада кучайтирди.

    Кутубхонадан маҳаллий матбуотга мунтазам равишда библиографик ахборотлар бериб турилди, китобхонлар буюртмаси асосида мавзули тавсия рўйхатлар тузилди.

      Кутубхона  республиканинг бошқа кутубхоналари билан китоб алмашув ишларини амалда қўллай бошлади. Эндиликда ҳар қандай касб эгаси бўлмиш китобхон ўзига керакли китобларни, бу китоблар кутубхонада бўлмаган тақдирда ҳам, кутубхоналароро абонемент орқали топиб олиши мумкин.

     Кутубхонада кадрлар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди, ходимлар малакасини ошириш бўйича семинар курслари ташкил этилган эди.

1

Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро вилояти  кутубхонаси жамоаси. 1950 йил.

          Урушдан кейинги йилларда кутубхона маданий ҳаёт марказига айланган. Шу йилларда шаҳар корхоналари, ўқув юртларида доимий ва вақтинчалик кўчма кутубхоналар ташкил этилган.  Китобхонларнинг кутубхона хизматини яхшилашга қаратилган турли талаблари бажарилиб борилган. Кутубхоначилар кутубхона фондини тарғиб қилишда фаол иштирок этишиб, китоб кўргазмалари, диспутлар, китобхонлар конференциялари, адабий кечалар ва маърузалар ташкил қилиш йўли билан китобхонларга китоб танлашда кўмаклашиб борилган.

     1971 йил кутубхона тарихида унутилмас из қолдирди. Шу йил 500 минг нусха китобга мўлжалланган махсус янги бино эшиклари китобхонлар учун очилди. Ўзбекистон Олий Кенгаши Президиумининг 1971 йил 23 июндаги фармони билан китоб тарғиботидаги катта хизматлари ва ташкил этилганининг 50 йиллиги муносабати билан Абу Али Ибн Сино номидаги вилоят кутубхонаси Ўзбекистон Олий Кенгаши Президиумининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 20 июн ПҚ 381–сонли “Республика аҳолисини ахборот–кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро вилоят универсал илмий кутубхонаси негизида вилоят ахборот–кутубхона маркази ташкил қилинган эди. Ахборот–кутубхона маркази бугунги кунда китоб фондининг бойлиги бўйича Ўзбекистонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб, 232 мингдан ортиқ нусхани ташкил қилади.Китоб фонди асосан ўзбек,рус ва бошқа тиллардаги адабиетлардан иборат.Вилоят ҳудудида яшаетган аҳоли талабларини ҳисобга олган холда,фондни бошқа тиллардаги адабиетлар билан ҳам тўлдириш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда марказ бир йил давомида вилоятда истиқомат қилувчи 18 мингга яқин китобхонга хизмат кўрсатиб келмоқда. Марказда 13 та бўлим ва секторлар фаолият кўрсатиб, жами 60 нафар ходим ишлаб келмоқда. У бутун вилоятимиз туман ва шаҳарларида фаолият кўрсатаётган ахборот–ресурс марказлари учун услубий марказ вазифасини бажармоқда.

     Ахборот-кутубхона жамоасининг асосий вазифаси фан ва ишлаб чиқа-ришни ривожлантириш ҳамда баркамол авлодни тарбиялаш ишларига кўмаклашиш мақсадида кутубхонанинг китоб фондидан тўлиқ фойдаланиш учун шарт-шароитларни таъминлашдан иборат.